single
Корея кундалиги. Ўқишга жўнаб кетишнинг илк таассуротлари

 

Дунёнинг шубҳасиз инновацион давлатларидан бири – Жанубий Корея йилига юз минглаб хорижий талабаларни ўз бағрига жамлайди. 2017 йилда мамлакат халқаро талабаларни қабул қилиш бўйича рекорд ўрнатган. Мамлакат Таълим вазирлигининг статистикасига кўра, биргина ўтган йилнинг ўзида 124 мингга яқин талаба Кореяга келган бўлиб, улардан 2716 нафарини ўзбекистонликлар ташкил этади.

Кореяда ўқиш истагини билдираётган ўзбек ёшлари йилдан-йилга кўпайиб бораётгани янгилик эмас. Хорижда ўқиш жараёни, ўзга юртдаги ижтимоий муҳит ва ҳамюртлар ҳаёти барчани бирдек қизиқтириши табиий.

Аннеонг, Кореа! (Салом, Корея!)

Аэропортга қўнишингиз билан корейсча тартиб-интизом эътиборингизни тортиши табиий. Жамоат транспортлари белгиланган йўналиш, аниқ вақт билан ҳаракатланади.  Ҳатто автобуслар Wi-Fi билан таъминланган.

Салкам 6 соатлик муддатда транспортларнинг йўналишдаги ҳаракатларини кузатсак – бирор марта автомобиль сигнали қулоққа чалинмайди. Ҳатто 5-10 дақиқалик тирбандлик ҳам ҳайдовчининг тоқатсизлигига, жиғибийрон бўлишига сабаб бўлмайди: «No signal».

Бу халқ одамлари ўз асабини астойдил парваришлайди.

Culture shock ўз сўзини айтди

Одамларнинг бир-бирига муносабати эътирофга лойиқ: ҳар қандай буюм ёки пулни узатишда ва қабул қилишда икки қўл ҳам қатнашиши керак. Шифохонада, кассаларда ва ҳоказо хизмат кўрсатиш масканларида навбат масаласи ҳавас қилгудек. Мансаб ва ёшнинг катта-кичиклиги умуман аҳамиятсиз, бирин-кетинликда навбатга қараб иш кўрилади. Мана маданият.

Кореяга илк бор ташриф буюрган юртдошларимиз учун энг оғриқли нуқта бу – овқатланиш масаласи бўлса ажаб эмас. Нафақат ўзбеклар, балки бутун мусулмон аҳли учун ҳам ҳалол егулик топиб истеъмол қилиш доим кун тартибида туради. Корейсларнинг озиқ-овқат маҳсулотларининг таркибида аксар ҳолда чўчқа гўшти ёки ёғи ишлатилган бўлади. Ҳатто ширинликларда ҳам учратиш мумкин.

Аммо ўзбек тадбиркорлари орасида бу муаммони бартараф этишга бел боғлаганлари етарлича топилади. Корея бўйлаб ҳалол гўшт ва ҳатто тандир нонларни исталган манзилга етказиб бериш хизматлари йўлга қўйилган.

«Халқлар дўстлиги» ошхонасидан жўнатилган тандир нонлар. Тэгу

Америкалик таҳлилчи Жорж Фридмен ўзининг «Келаси юз йил» (The Next 100 Years) китобида аҳолининг қариши муаммосига асосан Германия ва Россия давлатлари дуч келиши тўғрисида башорат қилган бўлса-да, Жанубий Корея ҳам бу хавфдан бутунлай йироқ эмаслигини ҳис қилдим. Жамоат транспорти, кўчалар ва овқатланиш шохобчалари катта ёшлилар билан гавжум.

Бу борада баъзи рақамларга мурожаат қилсак. Worldometers.info маълумотига кўра, 1990 йилда Корея аҳолисининг ўртача ёши 26,9 бўлган. 2018 йилга келиб эса бу кўрсатгич 41,3 ёшни ташкил этмоқда. Таққослаш учун, Ўзбекистон аҳолисининг ўртача ёши – 26,7.

Шаҳарда катта ва ташкилот бинолари тарқоқ жойлашгани боис манзилингизга 2-3та жамоат транспортидан фойдаланган ҳолда етиб борасиз ,метродан   чиқиб   30 дақиқа ичида шаҳар ичидаги ҳар қандай автобусни тутсангиз  мутлақо бепул. Бу тўловнинг электрон тизими ва доимий карточкалар орқали амалга оширилади.

Ҳар бир метро ва автобус бекатлари яқинида велотураргоҳлар мавжуд бўлиб, аҳолининг аксарият қисми бекатгача велосипедда, белгиланган манзилга жамоат транспорти ёрдамида етиб олади

Бусан шаҳридаги велотураргоҳ

«Тошкентда рус тилини қай даражада билишса, Кореяда ҳам инглиз тили худди шундай». Эҳтимол, пойтахт Сеул ҳақида гапиришгандир, лекин Бусан ва Тэгу шаҳарларида бу гапнинг исботини топиш кийин, Гарчи корейс халқи инглиз тилини билиш борасида дунё давлатлари орасида юқори кўрсатгичга эга бўлса-да, оддий аҳолининг аксарияти умуман тушунмайди. Хизмат кўрсатиш соҳасида инглиз тили оқсоқланади, талабалар билан эса амал-тақал суҳбат қурса бўлади.

Тэгу шаҳридаги пештахта

Маслаҳат

Кореяга ўқиш ёки ишлаш ниятида кетмоқчи бўлган юртдошларимизга тавсиямиз – корейс ва инглиз  тилини қунт билан ўрганинг. Балки бошқа юртларда давлат тилини билмай туриб кун кўриб кетиш осондир, лекин Кореяда бу жуда мушкул иш. Омадингиз келиб, ўзингиз сўзлашадиган тил диаспорасига тушиб қолсангиз, балки сезилмас, аммо яшаш, ишлаш борасида бу тилларсиз муваффақиятга эришиш амримаҳол.

Manba: www.kun.uz